
Лола Каримова инстаграмдаги ўзининг саҳифасига Ислом Каримов номидаги фонд томонидан эълон қилинган грант соҳиблари аниқланганини маълум қилди. Ғолиблар чет элнинг пешқадам олийгоҳларида магистратура йўналиши бўйича таҳсил олади. Танловда 300 га яқин иштирокчилар ўзларини синаб кўрди. Иштирокчилар мутахассислик ва чет тилидан тест топширишди ва ундан 12 таси йўқори балл тўплади. Танлов кўйидаги мутахассисликлар бўйича ўтказилган эди: табиий фанлар (қайта тикланувчи энергия ва кимё), сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маркетинги, архитектура, дизайн, рассомлик. Ўқиш жорий йилнинг октябрь ойига режалаштирилган. Биринчи Президентимизнинг қизи Лола Каримова ғолибларни чин қалбдан табриклаб, уларнинг ўқишида омад тилади.
Сахибжамал Есемуратова